Янгиликлар

"Локомотив" икки нафар ивуарлик футболчи билан шартнома имзолади

09.01.2017 09:33 | Клублар

Янги мавсумга тайёргарлик кўраётган Тошкентнинг "Локомотив" клуби икки нафар легионер футболчи билан шартнома имзолади.

Ҳар икки футболчи ҳам Котд’Ивуар фуқаролари бўлиб, "Локомотив"нинг мавсумолди йиғинига келиб қўшилган эдилар. Клуб расмий сайти хабарига кўра, Моҳамед Коне билан ҳужумчи Гнохоре Кризо бундан буён «темирйўлчи»га айланишди. Иккала футболчи ҳам тиббий кўрикдан муваққиятли ўтди, шунингдек уларнинг ўйини мураббийлар штабига ҳам маъқул келди.

Маълумки, бу футболчилар декабрь ойининг охирларида жамоамиз йиғинига келиб қўшилганди. «Олмалиқ»қа қарши кечган ўртоқлик ўйинида иккала легионер ҳам майдонга тушиб, Моҳамед Коне ҳимоя марказида ишончли ўйин кўрсатган бўлса, ҳужумчи Кризо иккита гол уришга муваффақ бўлди.

Янги йилдан кейинги машғулотларда ҳам футболчилар ўзларидан илиқ таассурот қолдиришди. Улар ҳам характер, ҳам ўйин томонлама ҳам жамоамизга тўлиқ мос келишди ва натижада клуб раҳбарияти шартнома имзолашни лозим топди.

Маълумот учун, марказий ҳимоячи Моҳамед Коне 1993 йилнинг 12 декабрида туғилган. Фуқаролиги: Кот-д’ Ивуар. Коне ҳимояда ўз вақтида жой танлай олади, шунингдек бош ва гавда билан ўйнаши ҳам жойида. У 2015-2016 йилги мавсумни Молдованинг «Олимпия» клуби сафида ўтказиб, 25та учрашувда майдонга тушган. 2016 йилги мавсумнинг қолган қисмида Кипрнинг «Кармиотисса» клуби шарафини ҳимоя қилиб, 14та учрашувда иштирок этган. Моҳамед Коне Кот-д’ Ивуар терма жамоасига номзод футболчилардан бири ҳисобланади.

19 ёшли ҳужумчи Гнохоре Кризо эса 1997 йилнинг 20 июнида туғилган. Фуқаролиги: Кот-д’ Ивуар. Кризо ҳужумда секин кўрингани билан голли вазиятларни тез ўқий олади. Энг муҳими у ҳали анча ёш. Шуни айтиш керак, Кризо ўз вақтида Миланнинг «Интер» клуби академиясида ҳам сабоқ олган. Жамоанинг бир қатор йиғинлари ва учрашувларида иштирок этган. Маълумот учун, африкалик ёш ҳужумчи 2016 йилнинг биринчи даврасини Беларуснинг «Слутск» клубида ўтказган. Иккинчи даврада эса Молдованинг «Саксан» жамоаси таркибига бориб қўшилган. Гнохоре Кризо Кот-д’ Ивуар ёшлар терма жамоасига номзод футболчилардан бири ва бир неча бор термага таклиф этилган.