Янгиликлар

Андрей Микляев: Эртага номинал ҳужумчи билан ўйнаймиз

26.02.2017 15:06 | Клублар

Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 турнири “А” гуруҳи 2-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Ал-Аҳли” учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “темирйўлчилар” устози Андрей Микляев ва ҳужумчи Жалолиддин Машарипов иштирок этди.

“Эртанги учрашув масъулиятини ҳис қилиб турибмиз. Ўтган турда очко йўқотганимиз ёмон бўлди. “Ал-Аҳли” кучли жамоа бўлса-да, уларни мағлубиятга учратишга ҳаракат қиламиз. Эртага ҳужумкор ўйин намойиш қиламиз. Футболчиларда жароҳатлар бўлгани учун “Ал-Таавон”га қарши ўйинда Жалолиддин Машарипов ҳужумда синаб кўрдик. Икром Алибоев ҳамон жароҳатда, унинг тиззасида муаммо бор. Шунингдек, Мурод Бобожонов ва Диёр Туропов эртага майдонга туша олмайди.

Марат Бикмаев ўтган турда рақибнинг провокациясига учради. Ўйиндан кейин у билан суҳбатлашиб, асабни жиловлаш керак эканини айтдик.  Игнатий Нестеров “Ал-Таавон” билан ўйинда хато қилди, аммо у ҳамон асосий дарвозабон. Бундай хатолар бошқа такрорланмайди деб ўйлаймиз”, – деди Микляев.

“Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири билан ўйнаймиз. Очко йўқотмаслигимиз керак. Энг асосийси бўлажак ўйинда 3 очко олиш. “Локомотив”га ўтганимда бироз ҳаяжон бўлди, аммо мураббий ва футболчилар яхши кутиб олди, улар билан чиқишиб кетдик.  “Локомотив” ҳамон ОЧЛ ярим финалига чиқишга ишонади. Дастлабки турдаги мағлубиятга қарамай, раҳбарият қўйган мақсадни амалга оширамиз”, – деди Машарипов.

Эслатиб ўтамиз, “Локомотив” ва “Ал-Аҳли” учрашуви эртага, 27 февраль куни ТТЗ мавзесида жойлашган “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 16:00 да старт олиши режалаштирилган.