Янгиликлар

ЎФФ ва футбол мухлислари ўртасида мулоқот кўприклари яратилади

21.12.2017 20:38 | Клублар

Ўзбекистон Футбол Федерацияси юртимизда футболни янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бунда футболнинг оммавийлигини ошириш ҳамда мухлислар билан ишлашни такомиллаштириш орқали стадионларимизга ишқибозлар ташрифини кўпайтириш асосий мақсад қилиб олинган.

Қайд этиш жоизки, айни дамда халқ ва ишқибозлар билан мулоқот кўприкларини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда “GoUzbekistan” лойиҳаси муаллифи Фазлиддин Ҳожимуҳаммедов ЎФФнинг мухлислар билан ишлаш бўлимида айнан манашу йўналишда фаолият олиб боради. У юртимизда мухлислик маданиятини янада шакллантириш, мухлисларнинг стадионларга ташрифини орттириш, уларни қийнаётган жиҳатларни бартараф этиш ҳамда ишқибозларнинг талаб ва истакларини ЎФФ раҳбариятига етказишда асосий кўприк вазифасини ўтаб беради.

 Тез орада ҳар бир профессионал клуб мухлислар жамоалари аъзолари ҳамда етакчилари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг талаб ва истакларини янада батафсилроқ ўрганиб чиқиш режалаштирилмоқда. 

Шу мақсадда дастлаб Тошкент шаҳри клублари, кейин Фарғона водийси ва бошқа ҳудуд шарафини ҳимоя қиладиган клублар мухлислари етакчилари билан учрашувлар бўлиб ўтади.