Янгиликлар / Клублар

Анваржон Мусулмонов: “Регламент талабига тўла жавоб бериш учун ҳали кўп ишлашимиз лозим”

11.01.2018 18:21 | Клублар

 

Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда ЎзПФЛ ҳамкорликдаги ишчи гуруҳининг вилоятларга сафар этиши ва у ердаги футбол инфратузилмаси билан яқиндан танишиш, назарий ва амалий ёрдам бериш, мавсумга тайёргарлик ишларини ўрганиш давом этмоқда.  Ўтган ҳафтада ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятига ташриф буюрганидан хабарингиз бор. Ташриф давомида вилоят бош жамоаси “Сўғдиёна”нинг ЎзПФЛ талабларига жавоб бериш ёки бермаслик жиҳатлари обдан ўрганилди. Хўш, “Сўғдиёна” Суперлигага мос жамоами, ЎзПФЛ талабларига жавоб бера оладими? Вилоят футбол федерацияси вице-президенти Анваржон Мусулмонов шулар, қолаверса, ЎФФ томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Шу пайтгача “Сўғдиёна” олий лигада ўйнаганини, янги стадионимизга эга бўлганимизнинг ўзини “Биз профессионал клубмиз” деб юрган эканмиз. ЎФФда туб ислоҳотлар амалга оширилгач, янги раҳбарият бутунлай янгича, замон талаблари даражасида ишни ташкил этгач, ва бунинг жавоби ўлароқ янги таҳрирдаги Регламент ишлаб чиққач биз чинакам профессионал клуб бўлиш учун ҳали кўп ишлашимизни тушуниб етдик.

- Янги таҳрирдаги Регламент талаблари сизларни қийнаб қўймаяптими? Унинг ҳар бир бандига жавоб бера олаяпсизларми?

- ЎФФ ҳамда ЎзПФЛнинг талаблари халқаро ҳамда шиддат билан ўзгариб бораётган замон талабларига мос тушган. Тўғри,  талабномаларни қўлга олган онларимизда бажарилиши лозим бўлган вазифаларнинг кўлами катталигидан бироз чўчигандик, бажара олмасакчи, деган хавотир ҳам бор эди. Лекин бажаришимиз шарт ва муқаррар эканлигини ҳис этиб ишга киришдик. Регламент футболимизни ривожлантириш учун барча зарур жиҳатларни ўз ичига олган. Клублар сонини камайтириш эвазига рақобатни кучайтириш, янги, шижоатли ва кучли футболчиларни етиштириш, болалар, аёллар футболига эътиборни орттириш, футзални ривожлантириш, стадионларни халқаро талабларга келтириш, мухлислар маданиятини ўстириш... хуллас барча-барчаси Регламентда ўз аксини топган. Топшириқларни қабул қилиб олгач, вилоят футбол федерацияси раҳбари, вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошчилигида нафақат “Сўғдиёна”нинг ўзи, балки янги Про-лигадаги вакилларимиз “Зомин” ва “Ғаллакор” клублари бўйича ҳам ишни тенг тақсимладик, вилоят футбол федерацияси ва клублар бир бўлиб, баҳамжиҳатликда ишга киришдик. Вилоятимиз ҳокими деярли ҳар куни футбол мавзусига тўхталади, ишларнинг қандай кетаётганлиги билан қизиқади, керакли топшириқларни беради. Натижада, қисқа фурсат ичида “Сўғдиёна” клубида катта ишлар амалга оширилди.

- Мисоллар билан исботлаб берсангиз.

- Биринчи галда клуб қошида футбол Академияси очишга эътибор берилди. Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” истироҳат боғи ҳудудидаги спорт мактаби айнан Академияга берилди ва тезликда таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Яқин вақт ичида Академияни барча талабларга жавоб бера оладиган ҳолга келтириш ва болалар ўртасида машғулотларни бошлаш кўзда тутилмоқда. Клубга қарашли, шаҳарнинг Жиллиғулли маҳалласидаги базаси ҳам таъмирдан чиқди, футболчиларнинг яшаши ва маданий дам олишлари учун зарур бўлган барча шароитлар яратилди. Стадионнинг ўзида қўшимча иккита кичик ва битта катта майдон барпо этилди, машғулотлар бошлаб юборилган. Мавжуд сув хавзаси, тренажер хоналари ҳам қайта таъмирланди, янги мосламалар билан бойитилди.

- Клуб қошида аёллар ва футзал жамоалари, турли ёшдаги болалар ва ўсмирлар гуруҳлари ҳам ташкил топганлигидан хабаримиз бор.

- Бу масалаларни ҳал этиш у қадар муаммо эмасди, сабаби пойдевор бор эди. Республика мусобақаларида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилувчи аёллар жамоаси ҳам, футзалчиларимиз ҳам бор эди. Бироқ ҳар иккаласи ҳам эътибордан четда бўлиб келган. Ҳар иккаласини ҳам клуб қошида қайта шакллантирдик.

Аёллар жамоамизга вақтинчалик Академиядан жой ажратилади, кейинчалик ўзларига мустақил шароит яратиб берамиз. Жамоага Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар ўртасидаги  расмий мусобақаларда ҳамон майдонга тушаётган энг ёши улуғ футболчи Гулнора Аъзамова таклиф этилган. Келаси йили 50 ёшини қаршилашига қарамай ҳамон майдонда шогирдлари билан теппа-тенг ҳаракат қилаётган Гулнорага маҳаллий футболчимиз Нодира Туранова ёрдам беряпти. Олиб борилган селекциялар натижасида тошкентлик, бошқа вилоятлардан ва албатта, маҳаллий қизлардан иборат жамоа янги мавсумга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборган.

Футзалга келсак, ўз даврида жамоани чемпионлик сари олиб боришга интилган Сирожиддин Эргашев, Ойбек Абдураҳмонов каби футбол фидойиларини жамоага бириктирдик. Жамоамиз янги йил олдидан Тошкентда ўтган ЎФФ Кубогида ҳам қатнашиб келди. Айни пайтда жамоа таркибини янада кучайтириш ва бунинг учун маҳоратли футзалчиларни саралаб олиш мақсадида футзал бўйича вилоят биринчилиги ташкил этилган. 16 декабрдан 15 мартга қадар ўтадиган турнирда вилоятнинг туман ва ташкилотлари, маҳалла ва футбол мактаблари тарбияланувчилари, жами 22та жамоа ғолиблик учун курашяпти. Клубимиз футзал жамоасига доимий шуғулланиши учун бош стадионнинг ўзида ҳамда Жиззах политехника институти спорт залидан фойдаланиш учун шароитлар яратилган.

12, 14 ва 16 ёшлилар гуруҳларига ўз соҳасининг усталари Усмон Мухамедшин ва Улуғбек Алматов мураббий сифатида бириктирилган. Уларга ҳам стадионнинг ўзида барча шароитлар яратилган, Академия биноси тайёр бўлгач, ўша ерга кўчиб ўтишади.

- Регламентда мухлислар клуби фаолияти ҳам кўрсатилган.

-  Мухлислар билан ишлашда аввалдан Бахтиёр Хотамов фаоллик кўрсатиб келган. Талабни бажариш доирасида шу мухлисни расман сардор этиб тайинладик. Унга стадион қошида шинамгина хона ажратдик. Мухлислар фойдаланиб келган барабан, сурнай каби асбобларга қўшимча янгиларини харид қилиб, уларнинг ихтиёрига топширдик, бир хил кийинтирдик. Катта-кичик байроқлар ҳам кўпайтирилди. Айни пайтда клубнинг 50 нафар аъзоси бор. Эндиги мақсад уларнинг мухлислик маданиятини ошириш, рақиб клублар мухлислари билан алоқаларни ўрнатиш.

- Демак, Суперлига вакили бўлишга тайёрсизлар, шундайми?

- Юз фоиз бўлмасада шунга интиляпмиз.  Энг муҳими, Суперлига талабларини бажариш баробарида шароитларимизни яхшилаб оляпмиз. Эътибор беринг, биргина футбол Академиямизнинг ўзида таҳсил олиш, футболчи бўлиб етишиш мақсадида вилоятнинг деярли барча туманларидан, чекка-чекка қишлоқларидан истеъдодли ёшлар келишмоқда. Энг муҳими, бундан кейин мамлакат чемпионатида ўртамиёна ўйинларга йўл қўйилмайди. Ким кучли бўлса, марҳамат, ўйнасин. Агар Суперлига оиласига кира олсак, бу вилоятимиз халқига катта туҳфа бўларди. Бунинг учун унинг талабларини бажариш йўлида ҳали яна кўп ишлар қилишимиз лозим.

 

        

Жамоа Ў Т-Н О
1 Пахтакор 14 22-8 30
2 Навбаҳор 14 20-8 27
3 Бунёдкор 14 20-14 26
4 Бухоро 14 20-17 25
5 Локомотив 14 21-15 22
6 Металлург 14 14-18 20
7 Насаф 14 16-14 18
8 Қизилқум 14 15-19 16
9 Қўқон-1912 14 9-12 15
10 АГМК 14 12-18 13
11 Сўғдиёна 14 10-21 12
12 Нефтчи 14 5-20 6

Тўпурарлар

Футболчи Гол
1 Элгужа Григалашвили 7
2 Гонсалвеш Исмоил 7
3 Тиаго Безерра 6
4 Жавлон Иброхимов 5
5 Йован Жокич 5
6 Марат Бикмаев 5
7 Бобур Абдихолиқов 4
8 Зохид Абдуллаев 4
9 Жалолиддин Машарипов 4
10 Азизбек Турғунбоев 4