Янгиликлар

Мавсум тараддуди-2018: “НАСАФ”

17.01.2018 13:05 | Клублар

 

 

Қаршиликлар янги мавсумга тайёргарликни янги йилдан кейин бошлашди. Уч босқичда ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинларининг дастлабкиси Қаршида ўтган эди, иккинчиси айни пайтда Туркиянинг Белек шаҳрида давом этмоқда.

Сафар олдидан “аждарлар” Тошкентда “Сўғдиёна” жамоасига қарши тўртоқлик учрашуви доирасида майдонга тушди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 22 январга қадар ўтадиган йиғин доирасида ҳам бир неча ўртоқлик учрашувлари ташкиллаштириш белгиланган. Шулардан дастлабкиси 12 январда маҳаллий “Tarsus Idman Yurdu” жамоасига қарши ўтказилди ва қаршиликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.  Кетма-кет икки кунда ташкиллаштирилган иккита учрашувда эса омад рақиб жамоалар томонида бўлди: 13 январда Украина премьер-лигаси турнир жадвалининг 3-поғонасида бораётган Полтава шаҳрининг “Ворскла” жамоаси билан 1:2, Қарағанда шаҳрининг “Шахтёр” жамоаси билан 0:2. Жамоа 15 ва 16 январь кунлари белгиланган режа асосида машғулотлар ўтказди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари бугун “Люфтетари” (Албания), эртага эса “Мариуполь” (Мариуполь, Украина) жамоалари билан назорат ўйинлари ўтказишни режалаштирган.

Туркия сафаридан қайтган жамоа аъзолари учинчи босқичда йиғинни ўз қароргоҳида давом эттиришади ва 30 январь куни Қаршидаги “Марказий” стадионда Осиё Чемпионлар Лигаси плей-офф баҳсида Иорданиянинг “Ал-Файсалий” жамоасини қабул қилади. Ўйин 16.00да бошланади.

  

Шу кунгача жамоанинг олти нафар тажрибали футболчилари - Баҳром Абдураҳимов, Фарруҳ Сайфиев, Дилшод Раҳматуллаев, Акмал Шораҳмедов (“Пахтакор”га), Шахбоз Эркинов (“Бухоро”га) Қаршини тарк этишди.  Аксинча, “Сўғдиёна” клубидан ярим ҳимоячи Санжар Рашидов, Тожикистоннинг “Истиқлол” клубидан ярим ҳимоячи Жаҳонгир Алиев, “Металлург” клубидан ярим  ҳимоячи Муроджон Тошматов ва ҳимоячи  Мирғиёс Сулаймонов эса келгуси фаолиятини “Насаф”да давом эттиришни маъқул кўришди. Шунингдек, клубнинг ёшлар лигасида, 1-лигадаги “Насаф-2” жамоаларида тўп тепаётган, клуб қошидаги футбол Академиясида тарбияланаётган бир неча нафар ёшлар ҳам таркибдан жой олишган.  

 

 

Жамоа янги мавсумда анъанасига кўра бош ҳомийси – “Шўртангазкимё мажмуаси” бренди остида оқ, кўк ва қизил рангдаги спорт кийимларида майдонга тушишни режалаштирган.