Янгиликлар

Мавсум тараддуди-2018: “НАВБАҲОР”

18.01.2018 16:36 | Клублар

 

Жамоа янги мавсумга тайёргарликни эртароқ, ўтган йил декабрь ойининг ўртасида бошлаган. Ўн кунга белгиланган машғулотлар Наманганнинг ўзида ўтказилди. Аслида йиғинлар беш босқичдан иборат режа асосида ишлаб чиқилган. Қолган барча йиғинлар пойтахтда ташкил этилиши кўзда тутилган. 5 январда Тошкентда бошланган иккинчи йиғин 20 январда якунланади. Шу кўйи қолган учта йиғин ҳам Тошкентда ўтказилади.

“Навбаҳор” йиғинлар доирасида қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказмоқда. Шу кунгача ўтказилган учта ўйинда уч хил натижа қайд этилди. “Оқтепа”ни мағлуб (3:1) этган наманганликлар “Қўқон-1912” жамоаси билан дуранг (1:1) ўйнади, кеча эса “Машъал”га имкониятни бой берди (0:1). Иккинчи йиғиндаги сўнги ўртоқлик учрашуви 20 январда “Цементчи” жамоасига қарши уюштирилади. Навбатдаги йиғин ва ўртоқлик ўйинлари режаси ишлаб чиқилмоқда.

Ўтган мавсумда жамоа шарафини ҳимоя қилган  Неманья Йованович,  Дониёр Усмонов, Мурод Ражабов, Саид Абдужабборов йил охирида Наманганни тарк этишди. Шартномаси якунланган, аммо жамоада қолишни истаётганлар, қолаверса, йиғинларга келиб, машғулотларда қатнашаётган футболчилар билан  ҳали янги битимлар имзоланмаган. Машғулотларда эса Дилшод Шарофитдинов (“Т-Тим”, Малайзия), Авазбек Маматхўжаев (“Қўқон-1912”), Равшан Дўстматов (“Пахтакор”), Зохир Пиримов, Азамат Алланиёзов (иккаласи ҳам “Бухоро”дан), Аюбхон Нўъмонов (“Металлург”), Янис Линда (“Арсенал”, Тула, Россия) шуғулланмоқда.

 

Жамоа бу йил ҳам 2017 йилдаги каби JOMA фирмаси либосларидан фойдаланади. Формалар  кўк-сариқ ранглардан иборат бўлади.