Янгиликлар

"ПАХТАКОР": БААдаги йиғин доирасида эртага навбатдаги ўйин

19.02.2018 15:56 | Клублар

 

“Пахтакор” жамоасининг айни пайтда БААда ўқув-машғулот йиғини ўтказаётганидан хабарингиз бор. “Шерлар” Дубайда ташкиллаштирилган иккинчи хорижий йиғинида бир маротаба ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди.

Рақиб БАА юқори лигасида иштирок этувчи "Ал-Дафра" клуби бўлди. Ёдингизда бўлса, ушбу жамоага январь ойидан “Пахтакор” тарбияланувчиси Игорь Сергеев қўшилганди. Шота Арвеладзе дастлабки учрашувда 11 нафар футболчини алмаштирмасдан ўйнатишга қарор қилди. Натижада биринчи ўйинда “Пахтакор” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шота Арвеладзе шогирдлари кеча икки гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотда иштирок этишди.

"Пахтакор"нинг иккинчи назорат учрашуви эртага, БАА биринчи лигаси иштирокчиси "Ал-Ҳамрия" жамоасига қарши ўтказилиши режалаштирилган.

 

Жамоа ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов БАА йиғини ва жорий мавсумда олдига қўйган мақсадлари хусусида гапириб ўтди:

- Мавсумга тайёргарлик яхши кетмоқда. Олдимизга Ўзбекистон чемпионати чемпионати ва Кубогида зафар қучишни мақсад қилиб қўйганмиз. Барча йигитлар қўлидан келгунча ҳаракат қилмоқда, тайёргарлик жуда яхши боряпти.

 

Ҳозир мавсумга 70 фоиз атрофида тайёрмиз. Қолган 30 фоизи эса ўйинлар орқали амалга оширилади. Мен 100 фоиз кучимни ишга солиб, жамоа ғалабаларига ҳисса қўшишга интиламан. Жорий мавсумда ўтган йилдагидан яхшироқ натижа кўрсатишга уринаман. 15тача гол уриб, голли тўп оширишлар борасида пешқадам бўлишга ҳаракат қиламан. Олдимга шундай мақсад қўйганман, - дейди Ж.Машарипов клуб матбуот хизмати ходимига.