Янгиликлар

Рўзиқул Бердиев: "Яна бир бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритишни истаймиз"

29.11.2016 16:18 | Ўзбекистон кубоги

30 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Кубоги финали олдидан ҳар икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманнинг биринчи қисмида журналистлар саволларига “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев жавоб берди:

“Эртага – финал. Финалга қадар етиб келган жамоа эса ҳар доим бош совринни қўлга киритиш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. Бу табиий. Ўзбекистон Кубоги финалига бир-бирига муносиб бўлган рақиблар етиб келди. Бу жамоалар учун нафақат натижа, балки мазмунли ўйин намойиш қилиш ҳам муҳим ҳисобланади. Эртага мухлислар кескин ва қизиқарли футбол гувоҳига айланишади, деб ўйлайман. Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби сифатида совринни муносиб ҳимоя қилишни истаймиз”.

“Финалнинг Самарқандда бўлишига ижобий муносабатдаман. Ўтган йили финал Жиззахда ўтказилганди, бу гал Самарқандда. Бу ишлар ўзбек футболини ривожи учун хизмат қилади, деб ўйлайман. Ўтган йилги финал ажойиб муҳитда ўтганди. Эртанги финал ўйини ҳам чиройли муҳитда ўтишига ишонаман. Финалга нафақат Самарқанддан, балки бошқа вилоятдан ҳам мухлислар ташриф буюришади. "Насаф"нинг Ўзбекистонда минглаб мухлислари бор. Мен бу қарорни қўллаб-қувватлайман ва кейинчалик ҳам шундай давом этади, деб умид қиламан”.

 

“Эртага фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлаяпмиз. Барчамиз яна бир бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритишни истаймиз ва бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз”, - дейди Насаф бош мураббийи.