Янгиликлар

ОЧЛ, превью: "Бунёдкор" ва "Насаф" сафарда гуруҳ босқичи йўлланмаси учун кураш олиб боришади

07.02.2017 12:12 | Ҳалқаро майдон

Тошкентнинг Бунёдкор ҳамда Қаршини "Насаф" клублари 7 февраль куни сафарда ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси учун плей-офф босқичи ўйинларида майдонга тушадилар. "Бунёдкор" Дохада "Ал Жаиш"га қарши ўйнаса, "Насаф" Саудия Арабистонида "Ал Фатҳ" клубига қарши майдонга тушади.

"Ал Фатҳ" - "Насаф".

"Насаф" плей-офф дастлабки босқичида Баҳрайннинг "Ал Ҳидд" клубини йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этган ва кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган эди. Ушбу босқичда "Насаф" гуруҳ босқичи йўлланмаси учун сафарда Саудия Арабистонининг "Ал Фатҳ" клубига қарши майдонга тушади. 

Саудия Арабистонининг Ал Фатҳ клубига қарши ўйин Ал Аҳса шаҳридаги Абдулла Бин Жалави стадионида бўлиб ўтади. Ушбу клуб бунгача 2014 йилги мавсумда ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этган. Ўтган мавсум якунига кўра эса, жамоа Саудия Арабистони чемпионатида 4-ўринни эгаллаган ва ОЧЛ плей-босқичига йўлланмани қўлга киритган. 

Таъкидлаш жоиз, мавсум аввалида жамоа бош мураббийи этиб тайинланган португалиялик Рикарду Са Пинту Саудия Арабистони чемпионати 4-туридан сўнг истеъфога чиқарилган эди. Унинг ўрнига маҳаллий мутахассис Фатхи ал Жабал жамоага бош мураббий этиб тайинланган. 

“Ал-Фатҳ” устози Фатҳи Ал Жабал: “Насаф”га қарши ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик, учрашувда майдонга тушиши керак бўлган таркибимизни аниқлаб, уларни ҳар томонлама  ўйинга тайёрладик. Бизнинг мақсадимиз ғалаба қозониб, ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш. “Насаф”ни ҳар томонлама ўрганиб чиқдик, жамоа ОЧЛ мусобақаларида катта тажрибага эга. Шундай бўлса-да, биз ўз майдонимизда – мухлисларимиз кўз ўнгида ўйнаймиз. Ўйлайманки, бизга бу қўшимча куч бағишлайди.

“Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев: “Ал-Фатҳ” Саудия Арабистонининг кучли жамоаларидан бири. Бизларнинг асосий мақсадимиз кейинги босқичга чиқиш, бунинг учун бўлажак ўйинга футболчиларимизни астойдил тайёрладик. Эртага биз бор кучимиз билан, ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Ижобий натижа учун, эртага бор маҳоратимиз ва кучимизни ишга соламиз.  

 “Ал-Фатҳ” (Саудия Арабистони) – “Насаф” (Ўзбекистон)

7 февраль, 2017. Ал-Аҳса. “Абдулла Бин Жалави” стадиони, 20:00

Бош ҳакам: Ко Хюинг Жин (Жанубий Корея);

Қанот ҳакамлари: Парк Сангжун, Сонг Бонкюн (ҳар иккиси Жанубий Корея);

Захира ҳаками: Ким Вусанг (Жанубий Корея);

Ҳакамлар назоратчиси: Абдул Карим Саид Ҳусайний (Иордания);

Учрашув комиссари: Кемел Тукабаев (Қирғизистон).

"Ал Жаиш" - "Бунёдкор"

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби эса Қатарда “Ал-Жаиш” билан куч синашади. Тошкентликларнинг Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сардор Рашидов тўп сураётган Қатар клубига қарши баҳси Тошкент вақти билан соат 20:15 да старт олади. Ушбу ўйин Sport телеканалида кечки дастурда ёзиб олинган ҳолда намойиш этилади. “Ал-Жаиш” – “Бунёдкор” ўйини ғолиби “C” гуруҳида “Ал-Аҳли” (Саудия Арабистони) “Зоб Оҳан” (Эрон) ва “Ал-Айн” (БАА) клубларига рўбаро келади. Таъкидлаш лозим, жамоани ҳозирда франциялик мутахассис Сабри Лямуши бошқармоқда.

Учрашув олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийлари фикрлари:

“Ал-Жаиш” бош мураббийи Сабри Лямуши: “Бунёдкор” ҳақида илиқ фикрлар билдиришим мумкин. Бу жамоа Осиёнинг етакчи клубларидан бири. Жамоа ёш футболчилардан ташкил топган. “Бунёдкор”га қарши ўйин жуда қизиқарли ўйин бўлади, деб ўйлайман. “Ал-Жаиш” курашга тайёр. Чемпионатдаги ишларимиз юришмаётан бўлса-да, Осиё Чемпионлар Лигасига бу жиҳат таъсир ўтказмайди. Биз уйда ўйнаймиз. Ғолиб эса битта ўйин натижасига кўра аниқланади. Шундай экан, “Ал-Жаиш”да кичик устунлик бор ва бундан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

“Бунёдкор” устози Сергей Лушчан: Плей-офф учрашувини илк бор сафарда ўтказяпмиз. Фикримча, бу жиҳат бизга қўшимча муаммолар тўғдирмайди. “Бунёдкор” меҳмонда ўйнашни жуда яхши билади. Имкониятлар тенг. Бўлажак баҳсга махсус режа асосида тайёргарлик кўрдик. Жами 12 та назорат учрашуви ўтказдик ва жамоани янада шакллантирдик. Қўл остимдагилар Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси қадрини жуда яхши тушунади ва буни яхши ҳис этиб туришибди. Биз баҳсга тайёрмиз.

“Ал-Жаиш” (Қатар) – “Бунёдкор” (Ўзбекистон)

7 февраль, 2017. Доҳа. “Абдуллоҳ бин Халифа” стадиони, 20:15

Бош ҳакам: Адҳам Макҳадмеҳ (Иордания);

Қанот ҳакамлари: Аҳмад Ал Роалле, Исса Маҳмуд Ал Амави (иккаласи Иордания);

Захира ҳаками: Мурод Аҳмад Ал Заваҳреҳ (Иордания);

Учрашув комиссари: Минду Доржи (Бутан).