Янгиликлар

“Пахтакор” австралиялик футболчи Ростин Гриффитс билан шартнома имзолади

10.08.2017 12:16 | Олий лига

Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Англияда туғилган, Австралия фуқаролигини олган футболчи – Ростин Гриффитс билан 1,5 йиллик шартнома имзолади.

Футболчининг таништирув маросимига бағишланган матбуот анжумани бугун, 10 август куни “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтди. Унда клуб раҳбарияти ва бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳам иштирок этди. 

“Пахтакор” осиёлик футболчи лимитини Ростин Гриффитс билан тўлдирди ва биз бундан хурсандмиз. Унинг ўйинларини кузатдим ва клубга чақиришга қарор қилдим. У тажрибали футболчи ва клубга ёрдам беришига умид қиламиз”, – деди Шота Арвеладзе.

Австралиялик футболчи қандай қилиб “Пахтакор” аъзосига айлангани ва ўзбек футболи ҳақида сўзлаб берди.

“Пахтакор” бош мураббийи менга таклиф билан чиқди ва мен уни қабул қилдим. Жамоа ўз олдига аниқ мақсадларни қўйди: Осиё Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш ва Ўзбекистон чемпионатида юқори натижаларга эришиш. Айнан шу омиллар мени ўзига жалб қилди ва мен Ўзбекистонга келдим. Ўзбек футболидан хабардорман, Хитойда тўп сурганимда ўзбекистонлик футболчиларга қарши ўйнаганман. Улар кучли техника ва маҳоратга эга”, – деди Ростин Гриффитс.

РОСТИН ГРИФФИТС ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Туғилган санаси: 10.03.1988 й

Туғилган жойи: Сток-он-Трент, Англия

Фуқаролиги: Австралия

Бўйи: 187 см

Амплуаси: Ярим ҳимоячи

Матбуот анжумандан кейин Ростин Гриффитс клуб мухлисларига ҳам таништирилди.

Ростин Гриффитс футболчилик фаолияти давомида “Блэкберн Роверс” (Англия, 2006–2009), “Гретна” (Шотландия, 2008), “Аккрингтон Стэнли” (Англия, 2008), “Аделаида Юнайтед” (Австралия, 2009), “Норт Квинсленд Фури” (Австралия, 2009–2010), “Сенртрал Кост Маринерс” (Австралия, 2011–2012), “Гуанчжоу Фули” (Хитой, 2012–2014), “Перт Глори” (Австралия, 2014–2015 ва 2016–2017) ва “Рода” (Голландия, 2016–2017) клубларида тўп сурган.