Янгиликлар

Олий Лига-2017 совриндорларига медаллар топширилди

29.12.2017 15:52 | Олий лига

2017 йилги футбол мавсуми анча қизиқарли ва самарали тарзда якунига етмоқда. Футбол бўйича мамлакат чемпионати ва кубоги баҳслари ҳам аллақачон ниҳоясига етган.

Шу муносабат билан декабрь ойининг 25-26 саналарида Олий Лига-2017 совриндорлари медаллар билан тақдирланишди.

26 декабрда “Локомотив” профессионал футбол клуби вакилларига Ўзбекистон чемпионати олтин медаллари топширилди. Ўтказилган тантанали маросимда футболимиз жамоатчилиги вакиллари, футбол фахрийлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Унда ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби саналган “Локомотив” футболчилари ва мураббийларига олтин медалларни топширди.

Маълумки, “Насаф” футбол клуби бу йилги чемпионатда иккинчи ўринни эгаллади ва ўз тарихида иккинчи марта кумуш медалга сазовор бўлди. 26 декабрь куни Қаршидаги “Марказий” стадионда кумуш медалларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Қаршилик футболчиларга кумуш медалларни Сардор Раҳматуллаев тантанали равишда топширди.

25 декабрь куни эса “Пахтакор” футболчиларини 2017 йилги мавсумдаги медаллар билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ушбу жамоага олий лигада қўлга киритилган 3-поғона учун бронза медалларини ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов ва ПФЛ директори Омон Ғофуров футболчилар, мураббийлар штаби ва ходимларга тақдим этишди.