Янгиликлар

Апрель ойи лауреатлари аниқланди. Энг яхши футболчи ҳам, мураббий ҳам “Бухоро”дан

12.05.2018 15:03 | Суперлига

 

 

ПФЛ ҳамда Championat.asia ҳамкорликда PepsiСуперлиганинг апрель ойдаги энг яхшиларини аниқлаб олди.

 

Овоз бериш жараёнида Суперлиганинг 12 та клуби бош мураббийлари, сардорлари ҳамда футбол мухлислари иштирок этди. Март ойида Миржалол Қосимов, Мурод Зухуров ҳамда Азизбек Турғунбоев рақобатчиларини катта фарқ билан ортда қолдирган бўлса, бу сафар ғолиблик учун кураш анча қизиқарли кечди.

 

Энг чиройли гол муаллифи — Элгужа Григалашвили

 

 

“Қизилқум”нинг легионер футболчиси март ойида энг яхши футболчи ва энг чиройли гол соврини учун кураш олиб борганди. Биринчи номинациясида у 20 очко билан учликка кирган бўлса, иккинчисида бор-йўғи 6 очко жамғариб, 8-ўрин билан кифояланганди. Бу сафар Элгужанинг АГМК дарвозасига урган голи энг чиройлиси бўлди. Баҳодир Насимовни овоз берувчилардан 5 киши, Артур Геворкянни эса 4 киши 1-ўринга жойлаштирди. Григалашвилида бу кўрсаткич учтагина бўлса-да, уни 11 киши 2-ўринга лойиқ кўрди. Бу эса “Қизилқум” аъзосининг очколарини яхшигина кўпайтириб берди. Ваҳоланки, мухлислар ўртасидаги сўровномада ҳам Насимов кўпроқ овоз тўплаган, Элгужа ўшанда ҳам иккинчи бўлганди.

 

Энг яхши дарвозабон — Ўткир Юсупов

 

 

“Қўқон-1912” аъзоси март ойида ҳам даъвогарлар сафида бор бўлиб, кучли учликка кира олмаганди. Апрель ойида эса унинг натижалари яхшиланди. Мураббийлар ва сардорлар овозига кўра, “Пахтакор” дарвозабони Элдор Суюнов 49, Ўткир Юсупов эса 48 очко жамғарганди. Бу ерда ҳал қилувчи ролни футбол мухлислари ўйнади. Уларнинг овозлари сабаб Юсупов рақибини 5 очко ортда қолдириб кетди. Чунки Championat.asia ўқувчилари Суюновни кучли учликка ҳам кирита олмаган.

 

Энг яхши мураббий — Улуғбек Бақоев

 

 

“Бухоро” бош мураббийи Улуғбек Бақоев “Пахтакор”ни таслим қила олган икки мутахассисдан бири бўлиб турибди. Март ойида Миржалол Қосимов шунга эришган ва пешқадам бўлганди. Апрель ойида Улуғбек Бақоев бошчилик қилаётган “Бухоро” анча фаол бўлди. Ваҳоланки, Бақоев март ойида ҳатто номзодлар орасига ҳам киритилмаганди.

Унга “Пахтакор” устози Шота Арвеладзе рақобат туғдирди. Якунда орадаги фарқ 20 тани ташкил қилди. Арвеладзе кетма-кет икки ой давомида номзодлар қаторида бўлган ягона мураббий бўлса-да, ҳар икки сафар ҳам ғолиблик унга насиб қилмади.

 

Энг яхши футболчи — Арслонмурод Омонов

 

 

Март ойида номзод бўлган бирорта ҳам футболчи апрель ойида эътиборга тушмади. Бу ойда кураш Тиаго Безерра, Жавлон Иброҳимов ва Арслонмурод Омонов ўртасида кечди. Мураббийлар ва сардорлар овозига кўра Омонов 45, Иброҳимов 42 ва Безерра 40 очко тўплади. Натижада бу ерда ҳам асосий ролни мухлислар ўйнаб берди. Улар Арслонмурод Омоновни пешқадам сифатида кўрсатганди.