Янгиликлар

ЎзПФЛ Connect тизимини жорий этишни режалаштирмоқда

16.02.2017 18:44 | ПФЛ

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 15–17 февраль кунлари Осиё футбол конфедерацияси ва Халқаро футбол федерацияси ҳамкорлигида ФИФАнинг Connect тизимини жорий этиш бўйича семинар ўтказилмоқда.

Семинарда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этмоқда. Мазкур тадбирда Ўзбекистон номидан ЎзПФЛ етакчи мутахассиси Бахтиёр Маметов қатнашмоқда. Семинар ФИФА, ОФК мутахассислари, шуниндек, Genius Sports IT-мутахассислари томонидан олиб бориляпти.

2011 йили ФИФА Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган Connect тизимини Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида қўллаш кўзда тутилган. Мазкур дастур орқали қоғоз билан ишлашдан воз кечилиб, футболчи, мураббий, ҳакам ва бошқа футболга алоқадор расмий шахсларни электрон рўйхатдан ўтказишга ўтилади.

Бошқача қилиб айтганда, юқорида таъкидланган шахсларнинг ID рақами ва шахсий маълумоти сақланадиган ўзига хос “паспорти” пайдо бўлади. Ушбу маълумотлар ФИФАнинг Connect баъзасида сақланади. Бу йўл орқали маълумотлар тўплаш, сақлаш ва уларни халқаро федерациялар билан алмашиш анча осон бўлади.