Янгиликлар

ЎФФда Олий лига футбол клублари раҳбарлари билан мажлис бўлиб ўтди

11.11.2017 17:36 | ПФЛ

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг мажлислар залида федерация ва ПФЛ раҳбарияти ҳамда Олий лига футбол клублари раҳбарлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди. 

Мажлисда Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди ҳамда 2018 йил Олий Лигада иштирок этадиган клублар олдига қўйиладиган талабларнинг асосий жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Футбол Федерацияси вице-президенти Шоакром Исроилов миллий чемпионатни кучайтириш ва ўзбек футболи савиясини янада ошириш мақсадида Олий лига клублари олдига қўйиладиган талаблар кучайтирилгани ҳақида айтиб ўтди. 

Жумладан, келаси йилдан бошлаб Олий лига клублари ўзларининг футбол мактабларига (академия) эга бўлишлари, ушбу академиялардаги шарт-шароитлар талаб даражасида бўлиши, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини юқори савияда ушлаб туриш учун машғулот ва тренежер заллари мавжуд бўлиши зарурлиги тилга олинди.

Футбол мактабларида (академия) U-10, U-14, U-16, U-18 ёш тоифаларидаги камида 4 та жамоа бўлиши  шартлиги ҳам таъкидланди.

Бундан ташқари, келаси йилдан бошлаб ҳар бир Олий лига клуби аёллар жамоаси ва мини-футбол жамоасига эга бўлиши кераклиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, стадионларда ОАВ ходимлари ва мухлислар учун етарли шарт-шароитлар яратилиши, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги бўйича талаблар қўйилди.

Шундан сўнг ПФЛ Бош директори Омон Ғофуров сўз олиб, клублар лицензиялаш талабларини бажармайдиган бўлса, келаси йили Олий лигада иштирок этишига йўл қўйилмаслиги бўйича огоҳлантирди.

Талабларни бажариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳар 10 кунда ПФЛга ҳисобот жўнатиб туриш ва ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.