Янгиликлар

“Насаф” – “Пахтакор” учрашувидаги ҳолат юзасидан ПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси қарори

21.11.2017 23:02 | ПФЛ

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Тартиб-интизом қўмитаси 19 ноябрь куни, Олий Лига 29-тури доирасида Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтган “Насаф” – “Пахтакор” учрашувидан сўнг, стадиондаги мухлислар ва “Пахтакор” клуби дарвозабони Александр Лобанов ўртасида юз берган воқеани ўрганиб чиқди.

Ўйиндан сўнг, Александр Лобанов майдонни тарк этар экан, “Насаф” клуби мухлислари унинг шаънига нолойиқ сўзларини йўллаб, ҳақорат қилишган. "Пахтакор" дарвозабони эса бунга ноўрин ҳаракатлар билан жавоб қайтарган. Мазкур ҳолат ПФЛ Тартиб-интизом қўмитиси томонидан ўрганиб чиқилгач, футболчи Александр Лобановнинг ҳаракатлари сабаб унинг жамоаси “Пахтакор” клуби 50 000 000 (эллик миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.

Ўз навбатида, “Насаф” клуби мухлисларининг мухлислик маданиятига зид ҳаракатлари сабабли жамоа 100 000 000 (юз миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.

Агар келгусида шундай ҳаракатлар такрорланадиган бўлса, ҳар икки клуб бунданда кескинроқ тарзда жазоланади. Жумладан, "Насаф" клуби мухлислари томонидан шундай ҳаракатлар такрорланса, жамоа келгуси уй учрашувларини мухлисларсиз ўтказади.