Янгиликлар

ПФЛ Бош директори Омон Ғофуров ОЧЛ финалини стадиондан кузатади

23.11.2017 14:01 | ПФЛ

Хабарингиз бор, 25 ноябрь шанба куни Япониянинг Сайтама шаҳридаги “Сайтама 2002” ўйингоҳида Осиё Чемпионлар лигасининг иккинчи финали бўлиб ўтади. Унда Япониянинг “Урава Ред Даймондс” жамоаси Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига қарши майдонга тушади. Дастлабки финал баҳси 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунига етган.

Мазкур учрашувни ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Эрматовга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади. Захира ҳаками Маъмур Саидқосимов. Дарвоза ортидаги ҳакамлар Валентин Коваленко ва Илгиз Танташев.

Мазкур финал баҳсини бевосита стадиондан кузатиб бориш учун Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бош директори Омон Ғофуров ОФК таклифига кўра Японияга жўнаб кетди.

ПФЛ бош директори Японияда ОЧЛ финалини кузатиб боришдан ташқари Япониянинг Жей-лигаси (J League) раҳбарияти билан учрашув ҳам ўтказиши кўзда тутилган.

Учрашув давомида Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Япония Футбол Ассоциацияси ўртасидаги келишув асосидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов ҳам айни пайтда Японияда бўлиб турибди.

 

Эртага 24 ноябрь куни Токио шаҳрида ОФК Мусобақаларни ўтказиш қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтади. Олим Арифов мазкур йиғилишда иштирок этади. Йиғилишда йил давомида ОФК номидан ўтказилган  мусобақалар ҳақида ҳисоботлар тингланади. Шунингдек, 2019-2022 йиллар давомида ўтказиладиган мусобақалар режаси, жумладан, 2019 йил БААда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилади. Бундан ташқари, келаси йили Малайзия ва Индонезия давлатларида бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионати U-16 ва U-19 мусобақаларига доир масалалар муҳокама қилинади.