Янгиликлар

Суперлига клубларининг шифокорлари Доҳада махсус ўқув-семинарида иштирок этишди

22.12.2017 15:10 | ПФЛ

Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчи клублари шифокорлари Доҳа шаҳридаги “Aspetar” спортга ихтисослашган тиббиёт марказида ташкил этилган махсус ўқув-семинарда иштирок этишди. 

 ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов ва Қатар Футбол Ассоциациясининг Президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ат-Таний ўртасида имзоланган меморандум доирасида бўлиб ўтган мазкур ўқув-семинари 2 кун давом этди ва унда “Aspetar” тиббиёт маркази мутахассислари ўзбекистонлик шифокорларига спорт тиббиётида қўлланилаётган янги воситалар, даволаш услублари, футболчиларнинг соғлиғини назорат қилиб боришда аҳамият бериш керак бўлган муҳим жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

 - Бундай семинар ташкил этилганидан жуда мамнун бўлдик. Семинар давомида “Аспетар” тиббиёт маркази мутахассислари бизга спорт тиббиёти соҳасидаги сўнгги янгиликлар ҳамда футболчиларнинг соғлиғини назорат қилиш борасида керакли тавсияларни беришди. Ўз малака ва кўникмаларимизни янада бойитиб олиш имконига эга бўлдик, - деди “Локомотив” ПФК бош шифокори Аброр Пирриев.

 Таъкидлаш жоиз, 20–21 декабрь кунлари бўлиб ўтган семинарда қатнашган шифокорлар эртага юртимизга қайтиб келишади.