Янгиликлар

Болалар ва ўсмирлар футболи: “Локомотив” тарбияланувчилари Туркия турнирида чемпион бўлишди

09.04.2018 16:44 | ПФЛ

 

 

Тошкентнинг “Локомотив” ҳамда Қаршининг “Насаф” клуби тарбияланувчилари Туркия ва Қатар давлатида ташкиллаштирилган халқаро турнирларда иштирок этаётганлиги ҳақида ёзган эдик. Эътиборли жиҳати, ҳар иккала клуб футбол мактаблари вакиллари хориж сафаридан ғолиб ва совриндор бўлиб қайтишди.

 

1-8 апрель кунлари Туркиянинг Анталия шахрида ўтказилган Side Star Cup-2018 халқаро мусобақада иштирок этган “Локомотив” клубининг икка ёш тоифасидаги вакилларидан бири – 12 ёшлилар (2006 йилда туғилганлар) гуруҳи мусобақанинг бош соврини билан тақдирланишди. Суннат Рўзиев шогирдлари  навбатдаги учрашувларда  “Ватан” (Озарбайжон, 7:2),  “Манавгатспор” (Туркия, 2:0) ҳамда “Гўктуркспор” (Туркия, 4:2) жамоаларини енгиб, олтин медални қўлга киритишди. Жамоанинг ғалабаларида салмоқли ҳиссасини қўшган Рахматулло Тиллаев 10 та голи билан мусобақа тўпурари бўлди ва махсус Кубок билан тақдирланди. 10 та давлат вакиллари кураш олиб борган ушбу гуруҳда  2-ўрин Грузиянинг “Аджария”,  3-ўрин эса Суриянинг “Алосман” жамоаси тарбияланувчиларига насиб этди.

 

 

2010 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасидаги баҳсларда ёш “темирйўлчилар” кумуш медал билан тақдирланишди. Бунда бош совринга Ашхободнинг “Олтин Тож” жамоаси сазовор бўлди. Россиянинг “Локомотив” клуби тарбияланувчилари 3-поғонадан жой олишди. 

 

Мазкур ёш тоифадаги  болалар ичида футболчиларимиз хам юқори эътироф этилди. Асадбек Абдулазизов "Энг яхши ҳимоячи, Абдулазиз Шукуров "Энг яхши ярим ҳимоячи", Улуғбек Қурбонов эса "Энг яхши хужумчи" деб топилди.

Шунингдек, ўзидан бир ёш катталар билан тўп сурган, 2011 йилда туғилган Камолиддин Аҳмадов "Мусобақа кашфиёти" бўлди.

 

Ғолиб ва совриндор жамоа Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортида ота-оналар, мухлислар ва кенг жамоатчилик томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

 

 

 

Қатарнинг дунёга машҳур “Aspire” футбол академияси Осиёнинг энг яхши академиялари тарбияланувчилари иштирокида ташкил этган халқаро турнирда  “Насаф” футбол мактабининг 2000,  2001-2002 ҳамда  2003 йилда таваллуд топган тарбияланувчилари иштирок этишди. Қаршиликлар турнирда учинчи ўринлар билан кифояланишди.