Янгиликлар

Кексалар ва фахрийлар учун «Бунёдкор» стадионига экскурсия уюштирилди

08.05.2018 22:59 | ПФЛ

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан юртимизда футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3610-сонли “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўтганидан кейин стадионда “Очиқ эшкилар” тадбирлари ўтказилаётгани, юртимиздаги мактаб ўқувчилари ҳамда чет эллик меҳмонлар, сайёҳлар учун “Бунёдкор” стадионига экскурсиялар уюштирилаётгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. 

“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан юртимиздаги кексалар ва фахрийлар учун “Бунёдкор” стадионига экскурсия уюштирилди. 

Саёҳат давомида стадион маъмурлари ёши улуғ футбол мухлисларига стадионнинг диққатга сазовор жойларини, жумладан, “Бунёдкор” клуби музейи, матбуот анжуманлари хонаси, футболчилар кийим алмаштириш хоналарини кўрсатишди. 

Бу каби саёҳатлар келгусида мунтазам равишда давом эттирилиб,республикамизнинг барча ҳудудларидаги футбол мухлислари, ишқибозлар, талабалар, мактаб ўқувчилари, жажжи болакайлар учун стадион бўйлаб экскурсиялар ташкил қилиниши режалаштирилган.